Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон халқининг иштироки, кўрсатган жасорати, ғалабага қўшган ҳиссаси, душманга қарши олиб борган жангларда қурбон бўлган юртдошларимиз ҳақидаги бор ҳақиқат ҳозиргача рўй-рост очиб берилган эмас. 1941- 1945 йилларда душманга қарши жанг қилган ва мислсиз жасоратлари, қурбон бўлганлар миқдори, фронт ортидаги меҳнат армиячилари, яъни қуролсиз аскарларнинг заҳмати тўлалигича ўрганилгани йўқ.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон халқи фашизм устидан қозонилган ғалабага бутун куч-ғайратини сафарбар этган бир пайтда санъаткорларимиз ўзларининг муносиб ижоди билан халқимизни эртанги кунга илҳомлантирди. Айниқса, бахшилар халқ оғзаки ижодининг бебаҳо дурдонаси бўлган достонлар, термалар ва айтишувлар билан ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласида узилишлар ва қийинчиликлар пайдо бўлди. Аҳолини гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут билан таъминлаш айниқса жиддий ёмонлашди. Аҳолининг ушбу оқсилга бой маҳсулотга бўлган эхтиёжини қондириш бевосита республикадаги чорвачилик ҳолатига боғлиқ эди. Уруш йилларида қишлоқ хўжалигининг муҳим иқтисодий аҳамиятга эга бўлган тармоқларидан бири чорвачилик ҳолати ҳам кескин ёмонлашди. Бундан аввал, XX асрнинг 30-йилларида Ўзбекистон чорвачилиги жамоалаштириш ва қулоқлаштириш туфайли анча зарар кўрган эди.
Юртимизда бағрикенглик ва меҳмондўстлик азалдан қадрланиб, бу юксак фазилатлар халқимизнинг қон- қонига сингиб кетган. Ота-боболаримиз қадимдан турли миллат вакиллари билан оға-инидек дўст-биродар бўлиб яшаган. Энг қийин даврларда ҳам ўзга миллатвакилларига бошпана берди, улар билан сўнгги нонини ҳам баҳам кўрди. Шу сабаб оғир синовли дамларда Ўзбекистон улар учун иккинчи Ватан бўлди, уларнинг кейинги авлодлари учун чинакам маънода она Ватандир. Чунки улар шу ерда туғилди, ўқиди, камолга етди, обрў-эътибор топди.
Плакат жанри графиканинг ажралмас бўлаги бўлиб, у тасвирий санъатнинг таркибий қисмидир. Совет даврида плакатлар ҳукуматнинг вазифаларини ижро этишда, халқ ичида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ва сафарбарлик жараёнларида асосий қурол бўлиб хизмат қилган. Сиёсий ва саноат тармоқлари мавзусидаги плакатлар мактаб партасидан шўро кишиларининг ажралмас йўлдоши бўлиб келган.
Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштирокини собиқ Иттифоқ халқ хўжалигининг турли тармоқлари республикага эвакуация қилинишида ва уларни ҳарбий изга солинишида ҳам кўрамиз, яъни уруш йилларида Ўзбекистон армияни узлуксиз равишда қурол-аслаҳа, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлайдиган марказга айланган.
XX аср тарихида инсоният иккита йирк жаҳон урушларини бошидан кечирди. II жаҳон уруши, айниқса, жаҳон тарихида мисли кўрилмаган даражада катта ва даҳшатли ҳамда оғир кулфатларни солган уруш сифатида тарихда қолди. Ушбу мақолада 1942 йилда Қрим, Донбасс, Дон, Кубань, Шимолий Кавказда бўлган оғир жангларда, шунингдек, Севастополь, Сталинград учун бўлган уруш майдонларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонлик фаолияти таҳлил қилинган.
Мақолада иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон саноатининг фронтга сафарбар этилиши, саноатнинг ривожланиши ва уларга ва уларга таъсир қилган омиллар, алоқа воситалари фаолияти каби масалалар тадқиқ этилган.